Суқрот

From Vikipediya
Суқрот (Σωκράτης)
Таваллуди тахминан мил. ав. 470[1]
Вафоти тахминан мил. ав. 399
Фуқаролиги Қадимги афина
Олган таъсирлари Анаксагорас, Парменид, Продикус, Диотима
Отаси Сопҳронисcус
Онаси Пҳаэнарете

Сократ (Сократес), Суқрот (мил. ав. 470/469 —Афина — 399) — юнон файласуфи. Ҳайкалтарош Софриникс ва доя Фенаретта оиласида туғилиб ўсган. Ўз таълимотини оғзаки баён қилган, ҳеч қандай ёзма манба қолдирмаган. Софистларга қарши курашиш ва ёшларни тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Атрофига кўплаб иқтидорли талабаларни жамлаган. Бу талабаларнинг бир қисми (Алкивиад, Критий ва бошқалар) Афина демократиясига қарши кайфиятда бўлган. С.ни демократияга нисбатан душманликда асоссиз айблашган. Аслида у бошқарувнинг ҳамма шакли — монархия, мустабидлик, аристократия, плутократия ва демократияни, агар улар адолатни бузаётган бўлса, танқид қилган. С. таълимотидаги танқидий руҳ Афина ҳукмрон доираларини хавотирга солган. Бунинг натижасида С. ёшларни йўлдан адаштирганлик, фуқаролик меъёрларини бузганлик ҳамда "янги худоларга сажда қилиш"да айбланиб, судга берилган ва ўлим жазосига ҳукм қилинган. Бу ҳукм турмада С.га заҳар ичириш йўли билан ижро этилган. С.нинг фалсафий таълимоти тўғрисидаги маълумотларни унга замондош ва шогирд бўлган Ксенофонт, Платон, кейинроқ Аристотел ёзиб қолдирган. С. фақирона кун кечириб, доимо эски либосларда, оёқ яланг юрарди. Унинг турмуш тарзи ҳам, сўзлари ва суҳбатлари ҳам одамларда катта қизиқиш уйғотарди. Файласуф кўп вақтини одам гавжум майдонларда, хиёбонларда ўтказган. Ўзининг суҳбатидан баҳраманд бўлиш ниятида юрган исталган киши билан савол-жавоб қилган. Ушбу мулоқотларнинг услуби ва характери Платоннинг суҳбат тарзида ёзилган асарларида ўз ифодасини топган. С. ўз фалсафий тадқиқотларига ахлоқий масалаларни асос қилиб олган. У оламнинг келиб чиқиши ва тузилишини ўрганиш заруратини рад этиб, бу масалаларни ечишга инсон тафаккури қодир эмас деб ҳисоблаган. С. таълимоти га кўра, фалсафанинг мақсади ўз-ўзини билиш бўлиб, бу эса чин эзгуликка эришиш йўлидир; эзгулик — билим ёки доноликдир. С. инсонда 1-дан, ўрта миёналик, мўътадиллик (яъни. эҳтиросларни жиловлай билиш)ни, 2-дан, довюраклик (яъни, хавф-хатарни енга билиш)ни, 3дан, адолат (яъни, илоҳий ва инсоний қонунқоидаларга риоя эта билиш)ни энг асосий эзгулик ва яхшилик белгиси деб ҳисоблаган. Замондошлари ва шогирдларининг гувоҳлик беришича, С. ўзининг чуқур диалектик фикрлаши, яъни предметга оид номукаммал тушунчалардаги зиддиятларни очиш орқали ўша предметни билиш сари етаклай олиш санъати, индуктив таълимотдан фойдаланиш маҳорати билан катта таассурот уйғотган. С. таълим-тарбия амалиётидаги ҳар қандай ақидапарастликни қаттиқ қоралади. Таълимнинг маъруза ўқиш шаклидан воз кечиб, суҳбат ва мунозаралар орқали ҳақиқатни излаб топишни асосий услубга айлантирди. У барча мавжуд нуқтаи назарларнинг ҳеч бирига қўшилмай туриб, уларни танқидий асосда муҳокама қилишга интилган. Пед.да мажбурлашдан, зўравонликдан воз кечиш тарафдори бўлган. Унингча, билим беришнинг ягона воситаси — ишонтиришдир. С. номи кейинги даврлар учун донишманд тимсоли бўлиб қолган.

Суқрот ёки Сократ (юн.: Σωκράτης тахминан мил. ав. 470мил. ав. 399) қадимги юнон файласуфи бўлган. У фалсафада тўнтарилиш ясаган Суқрот методи муаллифидир. Хусусан, Суқрот педагогияга ҳам фалсафий ёндашув олиб кирган, бунда муаллим ўқувчининг ўзи энг яхши жавобга келиши учун уни йўналтирувчи савол-жавобга тутади. Суқрот Ғарб фалсафасига ҳамда унинг асосчилари - Афлотун ва Арастуга катта таъсир ўтказган, деб ҳисобланади.[2]

Манбалар[edit | edit source]

  1. 1911 Энcйcлопаэдиа Британниcа
  2. "Суқрот" ЎзМЕ. С-ҳарфи Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил